- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Тошкент вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
Тошкент вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
Тошкент вилояти тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун табиий бойликлари ва географик жойлашуви жиҳатидан бошқа ҳудудларга қараганда анча қулай ҳисобланади. Шу боис бу ерда саноатнинг барча турлари йилдан-йилга тараққий этиб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиб бормоқда. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Бу борада «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2020-2022 йилларда вилоятда энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича хорижий инвесторлар иштирокида 6 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Жумладан, «Оҳангаронсемент» АЖ ҳудудида яна бир янги цемент заводи қад ростламоқда. Эътиборлиси, мазкур завод тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига бунёд этиляпти. Лойиҳанинг умумий қиймати 160 млн долларни ташкил этади. Йиллик қуввати 2,4 млн тонна бўлган корхона жорий йили ўз ишини бошлайди. Эътиборлиси, бу ерда 400 га яқин янги иш ўринлари яратилади.
Газобетон блоклари ишлаб чиқариш бўйича ҳам энг йирик лойиҳалар ушбу ҳудудда амалга оширилмоқда. "Эаст Маннинг Инвест" МЧЖ ҚК томонидан йиллик қуввати 500 минг куб метр бўлган корхона бунёд этиляпти. Лойиҳа қиймати 22 млн доллар бўлиб, бу ерда 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирда сўнгги қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур завод ҳам жорий йили фойдаланишга топшириши кўзда тутилган. Шунингдек, Ангрен шаҳрида "Эсотон шарқ" МЧЖ томонидан йилига 300 минг куб метр газобетон блоклари ишлаб чиқариш имкониятига эга корхона ҳам ташкил этилади.
Энергия тежамкор, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳозирги куннинг энг муҳим масаласи ҳисобланади. Шу боис Тошкент вилоятида “АНГРEН ИНСУЛАТИОН” МЧЖ ҚК томонидан янги лойиҳа амалга ошириляпти. Ҳудудда йилига 30 минг тонна шиша толасидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Қиймати 15,7 млн доллар бўлган тадбиркорлик субъекти 2021 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топширилиши белгиланган. Ангрен шаҳрида шунингдек, "Люкс Стоун" МЧЖда йилига 100 минг кв метр янги қурилиш материали яъни шиша кристалит ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Юқори Чирчиқ туманида эса шаҳарсозликда энг муҳим бўлган қурилиш материали уй қурилиш комбинатини ташкил этиш лойиҳаси амалга ошириляпти. "Евро Глобал Инвест" ШКда эшик, ойнаси ўзида мужассамлаштирган бетон блоклари яъни ярим тайёр уйлар ишлаб чиқарилади. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимизда бино ва иншоотларни барпо этишда муҳим аҳамият касб этади.