- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Бухоро вилоятида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
Бухоро вилояти ҳокимлиги ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамкорлигида ҳудудда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, соҳага хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Натижада янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.
Таҳлилларга эътибор қараталиган бўлсак, вилоятда 2019 йилда қиймати 189,5 млрд сўмлик 29 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 585 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, ўтган йилда 637 та корхона томонидан 775,3 млрд сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди.
Жорий йилда ҳам ҳудудда кўплаб инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, 2020 йилда умумий қиймати 722 млрд сўмлик 72 та лойиҳа амалга оширилади ва 1 383 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳаларни 324,9 млрд сўми (45 фоиз) ташаббускорларнинг ўз маблағлари, 71,0 млрд сўми банк кредитлари (10 фоиз), 32,4 млн доллари хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан (45 фоиз) амалга оширилади.
Йирик лойиҳалардан бири Қоровулбозор туманида амалга оширилади. Бу ерда “Бухоро Евро цемент” МЧЖ томонидан 29,0 млн доллар инвестиция ҳисобига йилига 750,0 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда 250 та янги иш ўрни яратилади. Когон туманида эса "Бухоро Гипсум" жамияти томонидан 9,8 млн доллар инвестиция ҳисобига йилига 10,0 млн кв метр гипсокартон листлари ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади. Шунингдек, «Италстоне» қўшма корхонаси томонидан йилига 200 минг кв метр оҳактош ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.