- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Яна бир йирик цемент заводи ишга тушурилди
Мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ҳудудларда шаҳарсозлик инфратузилмасини яхшилаш мақсадида улкан қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли асосий қурилиш материали цементга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу боис «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан маҳаллий бозорни ушбу қурилиш материалига бўлган талабини қондириш, ахолига сифатли цемент етказиб бериш мақсадида замонавий, сўнгги турдаги энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Куни кеча цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони яна биттага кўпайди. Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида йирик цемент заводи "Ҳуахин Семент Жиззакҳ" МЧЖ ҚКнинг биринчи босқичи ишга тушурилди. Корхона йилига 1,2 млн тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳанинг умумий қиймати 150,0 млн долларни ташкил этади. Эътиборлиси, завод тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига бунёд этилган. Муҳими пандемия шароитида бу ерда 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Эндиликда корхонада М-400 ва М-500 маркадаги сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун корхона энг сўнгги русумдаги энергия тежамкор, экологияга таъсир кучи кам бўлган технологиялар билан жиҳозланган. Ҳозирда заводда кунига 2,5-3 минг тонна ярим тайёр маҳсулот клинкер ишлаб чиқарилмоқда. Синов-текширув даври якунлангач завод кунига 5 минг тонна сифатли цемент ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.
Маълумот учун, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси инвестиция лойиҳалар, ҳамда худудий дастурига кўра вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда жорий йилда умумий қуввати 5 млн тонна бўлган жами 6 та янги цемент заводлари фойдаланишга топширилади. Натижада, цемент ишлаб чиқариш бўйича умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 млн. тоннага етказилади.