«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ижро этувчи аппарати ҳамда уюшма таркибидаги корхона ва ташкилотлар ходимлари диққатига!


Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида Республика танлови эълон қилинди.

Танловнинг асосий мақсади ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишга ижодий ёндашувни ривожлантиришдан иборат.

Танлов қуйидаги номинацияларда ўтказилиши эълон қилинди:

– Энг яхши бадиий асар (шеърий асар – 30 мисрагача; насрий ҳикоя – ҳажми 3600 босма белгигача);

– Энг яхши публицистик мақола (очерк, лавҳа – ҳажми 5400 босма белгигача);

– Ўзбек тилининг хориждаги энг яхши тарғиботи (ўзбек миллатига мансуб ёки чет эл фуқаролари томонидан яратилган хорижда ўзбек тилини тарғиб қилишга қаратилган илмий, бадиий, мусиқий асарлар ҳамда аудио, видео маҳсулотлар);

– Энг яхши ижтимоий роликлар (аудио, видеороликнинг давомийлиги 3 дақиқагача);

Танлов ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланади.

Энг намунали, ғоявий-бадиий пишиқ ижодий ишлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этилади.

Ижодий ишлар шу йилнинг 20 сентябрига қадар “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” сарлавҳаси остида info-til@gov.uz электрон почтаси ёки @Тил_танловБот телеграм манзили орқали онлайн қабул қилинади.

Танлов юзасидан қўшимча маълумотларни www.til.gov.uz, www.manaviyat.uz сайтлари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг танлов бўйича масъул ходимлари Муҳтарама Улуғова (99 847-69-41), Дилмурод Дўстбеков (97 752-33-99) билан телефон орқали боғланиб олишингиз мумкин.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. 
Сиз танловда иштирок этиб, ўзингизнинг ижодий салоҳиятингизни намоён этиш билан бирга, Она тилимиз-ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишга, ўзбек тилининг ривожланишига муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланиш имкониятига эга бўласиз.

Марҳамат, танловда фаол иштирок этинг!

Танлов низоми ҳақида ва қўшимча маълумотларни  
http://til.gov.uz/uz/literature/guidehttp://til.gov.uz/uzhttps://t.me/dtrdep электрон манзилларидан олишингиз мумкин.

Мероприятия calendar icon

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech