Табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган


Жорий йилнинг 7 декабрь куни Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Нуробод қўрғонида жойлашган “МEГА БЛОСК ИНВEСТМEНТ” МЧЖга қарашли газоблок ишлаб чиқариш корхонасининг табиий газдан фойдалиниш ҳолати ўрганилганда, жамият томонидан ноқонуний равишда табиий газдан фойдаланган ҳолда, оҳак маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги маълум бўлган, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Мазкур жамият “Ҳудудгаз Тошкент” МЧЖ томонидан 2019 йил 2 декабрда берилган 0332-сонли техник шартга кўра қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган истеъмолчилар тоифасига киради.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига жамиятнинг табиий газдан 135 миллион сўм дебитор қарздорлиги мавжуд бўлсада, давлат мулкини талон-торож қилиш мақсадида жами 313 та ностандарт газ ёндиргичлари билан жиҳозланган, 3 та хумдонларда (ўлчами 4х25 метр) оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги аниқланган.

“Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали ва “МEГА БЛОСК ИНВEСТМEНТ” МЧЖ ўртасида 2020 йил 1 июль куни тузилган шартномада (12-09/346-сонли) ҳам жамиятда фақатгина газобетон ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда маиший газ жиҳозлари (умумий соатлик газ истеъмоли 431,84 метр куб) кўрсатилган холос.

Шу билан бирга, газобетон ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда маиший газ жиҳозларида сарфланган газ миқдорлари ҳисобини юритиш учун ўрнатилган «Флоугаз» русумли ҳисоблагичи ҳам носоз бўлганлиги таҳмин қилинмоқда.

Бунга сабаб, 2020 йилнинг 27 ноябрь кунидан олдинги архив маълумотлари мавжуд эмаслиги (сақланмаганлиги) ҳисобдонга ташқи таъсир кўрсатилган деб ҳисобланмоқда.

Ҳолат аниқланган вақтда тармоқдаги табиий газ босими 2,7 кгс/см2 ни ташкил қилганлиги боис, газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 3 млрд. 189 млн. 417 минг сўм (3 189,5 минг куб метр) зарар етказилганлиги аниқланиб, ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш учун бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Азиз тадбиркорлар ва йирик ишлаб чиқарувчилар табиий газ ва электроэнергиясидан ноқонуний фойдаланманг!

Мероприятия calendar icon

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech