- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Энергия тежамкор қурилиш материали «сендвич» панель ҳақида биласизми?
«Сендвич» панель – бу уч қатламли қаттиқ материалдан (металл, минерал вата/ёки пенополистрол) ва улар орасидаги изоляцияланган қатламдан иборат бўлган уч қатламли тузилишга эга бўлган қурилиш материали. «Сендвич» панелларнинг барча қисмлари иссиқ ёки совуқ пресслаш ёрдамида ёпиштирилади. Ишлатиш мақсадига қараб, том ёпқич ва деворбоп панелларга бўлинади.
«Сендвич» панеллар юқори ёнғин хавфсизлиги талабларига эга объектлар, юқори шовқин ва ҳарорат изоляцияси талаб қилинадиган бинолар қурилишида қўлланилади.
«Сендвич» панелларнинг ҳарорат сақлашида, яъни изоляцион қатлам сифатида минерал вата (базальт толаси) ёки пенополистрол ишлатилади.
«Сендвич» панелларнинг асосий хусусиятлари: кенглиги, узунлиги, қалинлиги, оғирлиги, ёнғинга чидамлилиги, шовқин ўтказмаслиги, юк кўтариш қобилияти ва термал қаршилик (ҳарорат ўтказмаслик) ҳисобланади.
«Сендвич» панеллар тезкор қуриладиган қурилиш конструкцияси ҳисобланиб, асосан:
-
биноларнинг ички бўлимларини ажратишда;
-
маъмурий, офис, ишлаб чиқариш объектлари, фабрикалар, омборхоналар, ангарлар;
-
савдо объектлари, портлар;
-
спорт ва маданий кўнгил очар мажмуалар;
-
автомобилларга ёқилғи қўйиш шахобчалари, гаражлар, автосалонлар ва бошқалар қурилишида кенг фойдаланилади.
«Сендвич» панелнинг афзалликлари:
юқори ташқи кучларга чидамлилиги;
ҳароратнинг ҳаддан ташқари кўтарилишига бардошлилиги;
экологик жиҳатдан атроф-муҳитга зарари йўқлиги ҳисобланади.
«Сендвич» панель ўлчамлари:
қалинлиги 50 мм - 300 мм;
кенглиги 1 м - 1,3 м;
узунлиги 2 м - 13,5 м.
«Сендвич» панелнинг вазни, панель қалинлигига қараб:
Деворбоп панеллар, 1 м2: 80мм - 16,2 кг, 100мм - 18,2 кг;
Том ёпқич панеллар, 1 м2: 80мм - 17,4 кг, 100мм - 19,4 кг, 120мм - 21,4 кг.
«Сендвич» панелнинг таннархида хомашё ва материаллар харажати улуши 63-65%ни, иш ҳақи билан боғлик харажатлар 8-10%ни, солиқлар 3-5%ни ташкил этади.
Республика ҳудудларида 2020-2021 йилларда умумий қиймати 445 млрд.сўм бўлган йилига 2,8 млн м2 «сендвич» панеллар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 10 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Хорижий давлатларда ҳам спорт ва маданий кўнгил очар мажмуалар, савдо объектлари, портлар каби қурилишларда «сендвич» панелдан кенг фойдаланилади.
1 м2 «сендвич» панелнинг нархи: Россияда 14,6 доллар, Қозоғистонда 11,1 доллар, Туркияда 28,1 доллар ва Ўзбекистонда 16,8 долларни ташкил этади.